Туғилиши ва оиласи
Уилл Смит 1968 йил 25 сентябрда АҚШнинг Пенсильвания штати Филадельфия шаҳрида туғилган. У совутгич компаниясида ишлаган Уиллард Смит катта ва унинг хотини Кэролайннинг тўрт фарзандидан иккинчиси. Уилл Ғарбий Филадельфияда ўрта синфли оилада ўсди. Мактабда у ўзининг жозибаси ва чаққон тили туфайли ҳар қандай жанжалдан усталик билан чиқиб кета олгани учун «Принц» лақабини олди. Ўқишдаги муваффақиятлари учун Массачусетс технологик институтидан стипендия таклифи келди, аммо у шоу-бизнес карьерасини афзал кўриб, таклифни рад этди.
Мусиқий карьера
Замонавий мусиқага қизиқиб, Смит деярли ўн икки ёшидан рэп ижро эта бошлади. Бир зиёфатда у Джефф Таунс билан учрашди. Тезда улар «ДЖ Джаззи Джефф ва Крутой Принц» номи остида биргаликда чиқиша бошлашди — иккита платина альбом чиқаришди, улардан бири «Грэмми» мукофотини қўлга киритди.
Аммо 18 ёшга келиб Уилл топган миллионларни исроф қилиб юборибгина қолмай, янги қарзларга ҳам ботиб қолди.
Кинога кириш
Уиллни Warner Brothers компанияси продюсерларидан бирининг кутилмаган таклифи қутқарди — у телесериалда бош ролни ижро этишни таклиф қилди. Рэппер аслида ўзини — Беверли-Хиллзга тақдир иродаси билан тушиб қолган «крутой» қора йигитни — ўйнаши керак эди. «Fresh Prince of Bel Air» сериали Смит-рэпперни Смит-киноактёрга айлантирди ва барча қарзларини тўлашга имкон берди. Сериал олти йил давомида намойиш этилди ва унинг муваффақияти Смитга Голливуд доираларига кириб боришга йўл очди. У ерда Жонс, Билл Косби, Вупи Голдберг, Сидней Пуатье ва Дэнзел Вашингтон каби афро-америкалик юлдузлар уни ўз қаторларига қабул қилди. Айнан Вашингтон Смит кино суратга олишига журъат этганида унга бир неча марта маслаҳатлар берди.
Катта муваффақиятлар
Танқидчилар «Ажралишнинг олти даражаси» (1993) фильмидан сўнг унга эътибор қарата бошлади. Ҳақиқий муваффақият «Ёмон йигитлар» (1995) боевики билан келди ва карьераси юқорига кўтарила бошлади.
1997 йилнинг ёзида Смит «Қора кийимликлар» блокбастери билан рэп ва илмий-фантастика жанрига қайтди. «Қора кийимликлар» синглининг муваффақияти уни янги студия ишига илҳомлантирди ва 1997 йил ноябрда тўрт йил ичидаги биринчи альбоми «Big Willie Style» сотувга чиқди.
1998 йилда «People» журнали сўрови бўйича Уилл Смит дунёнинг энг чиройли эллик кишисидан бири деб топилди.
2002 йилда MTV Movie Awards маросимида у «Али» фильми учун «Энг яхши эркак роли» мукофотига сазовор бўлди. Шу йилнинг кузида «Greatest Hits» — энг яхши қўшиқлар альбоми чиқди.
2008 йилда Уилл Смит Forbes рўйхатида Голливуднинг энг кўп маош оладиган актёрлар орасида биринчи ўринни эгаллади — йил давомида 80 миллион доллар ишлади. Смит Голливуд тарихида кетма-кет саккизта фильми прокатда 100 миллион доллардан ортиқ йиғган биринчи актёрга айланди.
Шахсий ҳаёт
1995 йилда уч йиллик биргаликдан сўнг Уилл биринчи хотини Шери Зампинодан ажрашди. Уларнинг ўғли Уиллард Смит III (Трей) онаси билан қолди.
Икки йил ўтиб, 1997 йилда, Уилл кўп йиллик дўсти актриса Жада Пинкетга уйланди. Бу никоҳдан ўғил Жейден Кристофер Сир ва қиз Уиллоу Камилла Рейн дунёга келди.